Қош ва киприклар энг фойдали туклар десак, муболаға бўлмайди. Улар нима учун кераклиги барчага маълум: киприклар манглайдаги тернинг (пешонада жуда кўп кучли тер безлари мавжуд) кўзга оқиб тушишига йўл қўймайди, бунинг устига улар кўзларни чангдан асрайди. Шунингдек, қош ва киприклар ташқи қиёфангизга мафтункорлик бахш этувчи аъзолар ҳамдир.
Улар калта туклардан иборат бўлиб, қисқа вақт, тахминан уч ой яшайди. Бошдаги сочларга қараганда икки баравар секин ўсади.
Қошларга тўхталадиган бўлсак, уларнинг модаси ўзгариб туради – гоҳида кенг, тўқ қилиб бўялган қошлар, гоҳида эса ипдай ингичка қайрилма қошлар урф бўлади. Узун ва қалин киприклар эса ҳар доим аёл гўзаллигининг белгиси бўлиб келган.
Қошлар чеҳрага мафтункорликни бахш этади. Шу боис улар парваришни талаб қилади. Агар сиз қошларингизнинг шаклини ўзгартирмоқчи бўлсангиз, уларнинг дастлабки кўринишидан узоққа кетиб қолманг. Қош терилганида уларнинг бир қисми бошқа тикланмаслиги эсингизда бўлсин. Қош кўзнинг ички бурчаги устидаги нуқтада бошланиб, унинг энг баланд қайрилма нуқтаси узоққа тўғри қараган пайтдаги кўз қорачиғи устига тўғри келади. Қош тўғри айлана бўлиб қайрилиши ва унинг ташқи учи ичкисидан паст бўлмаслиги лозим. Агар бурун охиридан кўз бурчагига чизиқ ўтказсак, чизиқнинг қош билан кесишадиган қисми қошнинг ташқи учига тўғри келиши керак.



Recent Comments